Париждаги Франция миллий тиббиёт институти академиясининг директорлар кенгаши тахт залида Абу Али ибн Синонинг бронза бюсти ўрнатилди, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон маданий мероси» халқаро мультимедиа лойиҳаси матбуот хизмати.

Бюст олимнинг тиббиёт, фалсафа ва маданият соҳаларидаги илмий ва гуманистик меросини тарғиб қилишга қаратилган Avicennia International Prize халқаро мукофотини топшириш маросимида очилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Франциядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбаев иштирок этди.

2022 йилда Авиценна мукофотлари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Париж университетида Ўрта асрлар тарихи кафедраси профессори, Ибн Сино ва унинг «Тиб қонунлари» ҳақида бир қанча асарлар муаллифи Жоел Чанделиер ва Франция Миллий илмий тадқиқот маркази тадқиқотчиси, ислом олими Карим Ифракка топширилди.

«Биз ушбу лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаларингиз учун барчаларингизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Кўз олдингизда турган ушбу бюстни ўзбек халқи номидан ҳамкорлигимиз рамзи сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Бу воқеа тарихда қолади ва ёш авлодларга улуғ олим Ибн Сино меросини ўргатиш фаолиятига қўшилган муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилади», — деди Сардор Рустамбаев.

Avicennia International Prize мукофоти 2015 йилда Европа Иттифоқи, Ўрта Ер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фалсафий ва тиббий тадқиқотлар ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган. У ўз тадқиқотлари ва нашр қилган китоблари орқали буюк мусулмон мутафаккири Ибн Сино ижодини ўрганишга ҳисса қўшган, тинчлик ўрнатиш, маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилган олимлар ва шахсларга берилади.