Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида ««Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Марказий банкнинг маълумотларига кўра, кейинги уч йилда аҳолига миллий валютада ажратилган кредитларда мақсади белгиланмаган кредитлар тоифасига кирувчи микроқарз 2020 йилда 5,8 трлн сўмни, 2021 йилда қарийиб 1,7 баробарга ўсиб, 9,9 трлн сўмни ташкил этган, 2022 йилда эса 21,6 трлн сўмни ташкил этиб (ўтган йилга нисбатан ўсиш сурати — 2,2 баробарга) етди.

Кўриб чиқилаётган қонун билан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитларни тақдим этиш жумласи амалдаги қонундан чиқариб ташланмоқда. Бу билан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, яъни импорт торварлар ва хизматлар реализациясига ҳам рухсат бериш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган товарлар (хизматлар) учун ҳам истеъмол кредити ажратишга рухсат бериш кўзда тутилган.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар (хизматлар), шунингдек, Ўзбекистонга ташқаридан келтирилган товарлар (хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитлари бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, қонун билан истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини (хизматларини) ишлаб чиқарувчи корхонани ёки реализация қилувчи ташкилотни олдиндан ёзма шаклда хабардор қилиш тартиби бекор қилинмоқда.

«Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли истеъмол кредитларини расмийлаштиришда енгиликлар яратилишига, мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайишига хизмат қилади», — дейилади Сенат хабарида.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилди.