Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов мактаблар негизида президент ташаббуси билан ташкил этилган «Ҳаёт мактаби» лойиҳаси ҳақида гапириб, айрим ташаббусларни илгари сурди. Бу бўйича «Сирдарё садоси» Telegram каналида видео эълон қилинди.

Унинг сўзларига кўра, ўқувчи қизларни ҳафтада бир кун ҳаётга ўргатиш куни бўлади.

«Бир кун 5 соат нон пишириш ўргатилади, қандай қилиб ун, қандай қилиб сув қўшилади, қанча сут қўшилади, қандай қилиб тандирга ёпилади. Охирида шу синфда ўқиган 10 та қиз, ўзлари пиширган нонлардан битта-битта уйига олиб кетади. Бир кун ош пишириш ўргатилади, бир кун қатлама, бир кун манти пиширишади. Пазандачилик ўргатилади», — дейди ҳоким.

Ботиржон Мирзақулов, шунингдек, айрим хотин-қизлар тандирда нон ёпмаётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Ўша жойда мен тўртта аёлдан сўрадим, охирги марта қачон нон ёпдингиз десам, тўртта аёл ҳам 5−10 йил аввал нон ёпган экан. „Уже“ нон ёпмайдиган бўлиб кетибди. „Уже“ нон пиширишни ўргатадиган авлод йўқолиб боряпти. Далада ҳамма ғўзапоя қолиб кетди бу йил, ҳамма нон сотиб олишга ўтди».

Ҳоким «Ҳаёт мактаби» лойиҳаси нега муҳим эканини тушунтирди. Таъкидланишича, бу лойиҳа доирасида ёшлар касб-ҳунарга ўргатилади.

«Мен буни битта нон пишириш мисолида айтяпман. Бу йил қишда нимадан қийналдик? Олдин битта «отопления»нинг тагида озгина газ ёнса, бутун мактаб исирди. Физика қонунлари асосида ишларди. Мутахассислар системани шундай қиларди. Ҳозир гуриллаб кўмир ёнадими, газ ёнадими — «отопления» исимайди. «Свет» ўчиб қолса, «котёл» портлаб кетади… Мутахассис йўқ — на монтёр бор, на «слесарь» [чилангар] бор, «сварщик» [пайвандчи] бор, на нон пиширадиган қоляпти, на тикувчи қоляпти. Ҳамма физик, ҳамма компьютерчи, ҳамма чет тилчи, ҳамма тайёр завод-фабрикага ишга киряпти-да, мутахассисни йўқотиб қўйяпмиз. Эртага бориб, кейинги авлод ҳеч нарсага ярамай қолади. Шунинг учун «Ҳаёт мактаблари» ташкил қилинди… Физика, кимё, биологияни 10-синфни тугатиб ҳам, ўрганмаслиги мумкин. Болаларга тушунтиринглар, шу йилда шунақа бўлади деб. Бу — эртанги кунимиз учун қилинаётган ишлар. Агар шулар қилинса, ҳамманинг қўлида ҳунар бўлса, муҳтож бўлмайди», — дейди у.