Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Фарғона водийсида суғориш самарадорлигини ошириш учун Ўзбекистонга 199,96 млн долларгача суверен кредит ажратади, деб хабар қилди ЕТТБ матбуот хизмати «Газета.uz»га.

«Ушбу маблағлар асосан глобал исишдан азият чекаётган музликларнинг эриши ҳисобига озиқланадиган Сирдарёдан чучук сув оладиган Ўзбекистоннинг учта вилоятида муҳандислик ишларини молиялаштиришга йўналтирилади», — дейилади ҳисоботда.

Хусусан, Фарғона водийсида совет даврида қурилган ва айни пайтда эскирган 118 та насос станцияси модернизация қилинади, улар учун замонавий энергия тежамкор насос агрегатлари харид қилинади ва ўрнатилади, тегишли инфратузилма реконструкция қилинади.

Лойиҳа ҳудудий сув транспорти тизими самарадорлигини ошириши кутилмоқда. Эски сув насосларини замонавий ускуналар билан алмаштириш сув сарфини яхшироқ назорат қилиш ва сув йўқотишларини камайтириш имконини беради.

«Бундай яшил лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали биз нафақат ушбу ҳудуд учун муҳим бўлган сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширмоқдамиз, балки суғориладиган ерлар майдонини қарийб 32 минг гектарга кўпайтиришга, Ўзбекистоннинг энг аҳоли гавжум минтақасида 19 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашяпмиз», — деди ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Харгитай.