АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен чоршанба куни Тошкентда Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича ўтказган матбуот анжуманида хориж пропагандасига қарши самарали курашиш учун эркин оммавий ахборот воситалари бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

Блогер Никита Макаренконинг Қўшма Штатлар Россия пропагандасига қарши курашда қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги саволига АҚШ Давлат департаменти раҳбари шундай жавоб берди: «Кучли, фаол ва барча ресурсларга эга маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг мавжудлиги биз бугун, шу жумладан, президент [Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев] билан муҳокама қилган масалалардан биридир. Хусусан, Россиядан ёки бошқа манбалардан келаётган дезинформацияга қарши курашиш учун».

Энтони Блинкеннинг эслатишича, Қўшма Штатлар бошқа ҳукуматлар билан муносабатда бўлганида, ОАВнинг «ўсиши ва ривожланиши» ҳамда «жамоатчиликка овоз ва қарашлар хилма-хиллигини етказиши» мумкин бўлган «тўғри муҳит»ни яратиш учун уларни ҳар доим зарур бўлган ҳамма нарсани қилишга ундайди».

«Ушбу маълумотларга асосланиб, одамларга нима тўғри ва нима нотўғри, қайси бири яхши ва қайси бири ёмон сиёсат, қайси йўналиш тўғри ва қайси бири нотўғри эканлигини ўзлари ҳал қилиш имконияти берилиши керак», — дея таъкидлади Энтони Блинкен.

«Албатта, Россия бу ерда ва дунёнинг бошқа қисмларида сезилаётган жуда кучли ва мустаҳкам пропаганда ва дезинформация тизимини яратган. Ва бунга энг яхши жавоб, албатта, ҳақиқатдан ҳам эркин, мустақил, очиқ ОАВ учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, бу ҳақиқатларни одамларга етказиш ва уларга ўз қарорларини қабул қилиш имконини беради», — деди АҚШ давлат котиби.