28 февраль куни Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида таълим соҳасидаги учта лойиҳа бўйича 140,2 минг долларлик грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси.

Ҳужжатлар Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш грантлари» дастури доирасида имзоланди.

Маросимда мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, унинг биринчи ўринбосари Агриппина Шин ҳамда Япония элчиси Такаши Хатори иштирок этди.

Грант шартномаларига кўра, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 31-мактабда гигиена ва санитария ҳолатини яхшилаш лойиҳасига 91 минг доллар, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 28-сонли ва 19-сонли мактабгача таълим муассасаларини ўқув жиҳозлари билан таъминлаш лойиҳаларига мос равишда 24,9 ва 24,2 минг доллар ажратилади.

«Грант шартномалари [Япониянинг] Ўзбекистон халқи фаровонлигини оширишга қаратилган ҳамкорлик турларидан биридир. 1995 йилдан буён соғлиқни сақлаш, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 415 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Умумий сумма тахминан 27,9 млн АҚШ долларини ташкил этади», — деди элчи Такаши Хитори.

Япония мамлакат ривожини қўллаб-қувватловчи ва кўп йиллардан буён Ўзбекистонда таълим соҳасини қўллаб-қувватлаб келаётган «Инсонларга сармоя»га катта аҳамият беради, дея қўшимча қилди у.

«Бугун имзоланган 3 та лойиҳа сифатидаги ҳамкорлик япон халқининг Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашдаги дўстлик ва қатъий иродасидан далолатдир. Умид қиламанки, Ўзбекистон Япониянинг кўмагидан келажагини ўз зиммасига оладиган болалар камолотида самарали фойдаланилади», — деди Япония элчиси.