Ўзбекистонда 28 февраль ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлашга рухсат берилган сўнгги кун бўлиб, 1 мартдан ов мавсуми якунига етади. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидаланишича, ушбу муддат «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда келтириб ўтилган.

Шу муносабат билан барча овчилардан ов йўлланмаларини 10 кун муддатда Овчи ва балиқчилик спорти бирлашмалари ва унинг ҳудудий бўлинмаларига қонунда белгиланган тартибда топшириши сўралади.

Вазирлик фуқаролардан тақиқ кучга кирганидан сўнг қонун бузилиши ҳолатларига дуч келинганда, 1157 қисқа ишонч рақами ёки ҳудудий бошқармаларга хабар беришларини сўраган.