Нукус воқеаларига оид жиноий иш бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси Ринат Тажимуратов суд қарори устидан апелляция шикояти берди. Бу ҳақда у «Газета.uz»га маълум қилди.

31 январь куни Қорақалпоғистон суди судьялар ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислигидаги биринчи инстанция суди «Эл хызметинде» газетаси бюроси адвокати, собиқ муҳаррир Даулетмурат Тажимуратовни айбдор деб топди. У ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш учун фитна уюштиришда, ўта йирик миқдорда ўзлаштиришда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштиришда, шахсга нисбатан зўравонлик, талон-торож қилиш, ўт қўйиш, зарар етказиш ёки мулкни йўқ қилиш, ҳокимият вакилига қурол ёки қурол сифатида қўлланадиган бошқа нарсаларни қўллаш ёки ишлатиш таҳдиди билан қаршилик кўрсатиш, шунингдек, оммавий тартибсизлик ва бошқа жиноятларда фаол иштирок этишда айбланган.

Прокурор унга 18 йил қамоқ жазосини сўраган. Судья Тажимуратовни 16 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ринат Тажимуратов акасининг адвокати сифатида Ўзбекистон Олий судига биринчи инстанция судининг қарори устидан шикоят қилди.

Адвокат акасининг ишида 159-модданинг 4-қисми (Ўзбекистон Республикасининг ҳокимиятини эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш мақсадида тил бириктириш) бўйича жиноят аломатлари йўқлигини, чунки Тажимуратовнинг ҳаракатлари конституциявий тузумни ағдаришга қаратилмаганини айтди.

«Қолаверса, Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми бошқа судланувчилар: Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Даулетмурат Джиемуратовлардан бекор қилинса, савол туғилади, ким билан жиноий тил бириктирган? Бир ўзи ҳукуматни тўнтаришга кучи етмайди-ку ва бу мантиққа тўғри келмайди», — деди у.

Ринат Тажимуратов акасининг ишида 167-модданинг 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) бўйича ҳам жиноят аломатлари йўқлигини айтди. «Дастлабки тергов жараёнида ҳам бу ҳолат ўз тасдиғини топган эмас. Сарф қилинган пул маблағлари юзасидан тегишли шартномалар мавжуд, шартнома шартлари бажарилган. Ҳаракати ўзга мулкни жуда кўп микдорда талон-торож қилиш йўли билан ўзлаштиришга ёки растрата қилишга қаратилган эмас ва бундай турдаги жиноятни содир қилмаган», — деди у.

Адвокат, шунингдек, судланувчининг 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбини рад этди, чунки бу факт тергов ва суд жараёнида ўз тасдиғини топмаган.

Ринат Тажимуратов маҳкумнинг 244-модданинг 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этмаганини, яъни тартибсизликлар уюштирмагани ва шахсга нисбатан зўравонлик, талон-торож, ўт қўйиш, қурол ёки қурол сифатида ишлатиладиган бошқа нарсалардан фойдаланиш ёки шу билан таҳдид қилиш орқали мулкка зарар етказмаган ёки йўқ қилмаганини таъкидлади.

«Бу ҳолатлар суд жараёнида ўз тасдиғини топмади. Оммавий тартибсизликларда иштирок деб, айбдор шахсларни шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қурол ёки қурол сифатида ишлатиладиган бошқа буюмларни ишлатиб қаршилик кўрсатишда бевосита иштирок этиш тушунилиши қонунларда кўрсатиб ўтилган. Даулетмурат Тажимуратов 1 июль куни кўчаларга чиқишга ҳеч кимни даъват қилмаган, мақсади 5 июль куни Конституциянинг 70−75-моддаларига киритилаётган қонун лойиҳасига тинч йўл билан норозилик митинг ўтказиш бўлган», — деди ҳуқуқшунос.

Адвокат 244−1-модданинг биргина «а», «б» ва «г» бандлари (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш; олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан содир этиш, хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш) квалификациясига розилигини айтган. Сабаб — бунда ҳар қандай шахсга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган бандлар мавжуд, — дея қайд этди у.

Ринат Тажимуратов, шунингдек, суд Даулетмурат Тажимуратовнинг оилавий аҳволи ва 3 нафар фарзанди борлиги, аҳолига кўрсатган ёрдамини (чекка қишлоқларни газлаштириш, кам таъминланганларга бепул адвокатлик хизматлар кўрсатиш, болалар уйига ҳомийлик қилиш, давлат органларига ёрдам бериш) ҳисобга олиб, Олий апелляция судидан акасини фақат 244−1-модданинг «а», «б» ва «г» бандлари бўйича айбдор деб топишни, тайинланган 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини қамок билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо турига алмаштиришни сўради.

Адвокат, шунингдек, маҳкумларга белгиланган 6,55 млрд сўм моддий зарарни тўлашдан озод қилишни сўради.