Банк назорати қўмитаси томонидан бир қатор тижорат банклари огоҳлантирилди, дея хабар қилди Марказий банк матбуот хизмати.

Қайд этилишича, қўмита томонидан 2023 йил январь ойи давомида 9 та йиғилиш ўтказилган бўлиб, уларда рухсат бериш тартиботи билан боғлиқ ва кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир жами 26 та масала кўриб чиқилган

Молиявий ҳолатни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишларда кредит ташкилотларида пруденциал меъёрлар талабларининг бажарилиши юзасидан масофавий ва жойида ўтказилган ўрганиш натижалари, хусусан, банклар ва микромолия ташкилотлари фаолиятида мавжуд хатарлар бўйича ўтказилган тематик ўрганишлар натижалари ҳамда тўлов ташкилоти фаолияти муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, қўмита томонидан 2023 йилнинг январь ойи давомида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича банклар, нобанк микромолия ташилотлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилди.

Хусусан:

  • тематик ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан, яъни молиявий йўқотишларга қарши захиралар яратилмагани, кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмагани, муаммога айланиши мумкин бўлган кредитларни эрта аниқлаш, вужудга келишиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмагани, кредитлар мониторинги, ахборот тизими ва кредит қарздорликларини ундириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани сабабли Ўзмиллийбанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Туронбанк, Қишлоққурилишбанк ва Асакабанк огоҳлантирилди;
  • иқтисодий санкциялар ва экспортга тақиқлар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган банклар (Капиталбанк, Анорбанк, Равнақ-банк) огоҳлантирилди;
  • «Cash U mikromoliya tashkiloti» масъулияти чекланган жамиятига «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 4 ва 6-моддаларига амал қилинмаган ҳолда истеъмолчига хизматлар ҳақида ўз вақтида тўғри ва тушунарли маълумот берилмагани ва истеъмолчиларнинг хизмат ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи бузилгани сабабли 30 млн сўм жарима қўлланилди.

Шунингдек, қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз фаолиятини бошламагани учун «E-services House» масъулияти чекланган жамиятидан тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.