4 февраль куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси биринчи маротаба ОАВ олдида йиллик молиявий ҳисобот топширди.

ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевнинг сўзларига кўра. ташкилотга 2021 йилда 15 млрд 725 млн 200 минг сўм пул келиб тушган. Мусобақалар ўтказиш учун эса 16 млрд 618 млн 788 минг сўм маблағ сарфланган.

Тақдимотда қайд этилишича, ЎзПФЛ 2021 йилда мусобақа иштирокчилари учун қатнашчилик бадаллари миқдорини илк бор 40−50 фоизгача камайтирган. Қўшимчасига, аёллар ва футзал жамоалари илк бор бадал тўлашдан тўлиқ озод қилинган. Бунинг натижасида ташкилотга 6 млрд 300 млн сўм бадал пуллари келиб тушган. 1 млрд 706 млн 300 минг сўм дебитор қарздорлик ҳали ундириб олинмаган.


Диёр Имомхўжаев тақдимот қилмоқда. Фото: ЎзПФЛ.

Қолаверса, ПФЛ дастлаб ташкил этилган йилларда ўз харажатларини тўлиқ клублардан олинадиган бадал пуллари эвазига қоплаб келган. Бугунга келиб ташкилот ўз харажатларининг қарийб 55 фоизини ўзи ишлаб топмоқда, деди ЎзПФЛ бош директори.

Бундан ташқари, лига 19 та расмийлар ва 76 та футболчи легионерларидан 2 млрд 520 млн сўм пул олган. Бунда ҳали 460 млн дебитор қарздорлик ҳам мавжуд.

«4 йил олдин легионер футболчилардан икки хил кўринишда — 20 млн ва 100 млн сўм пул олинган. 100 млн сўм ПФЛ томонидан ишлаб чиқилган талабларга жавоб бермаган футболчилардан 100 млн сўм олинган. Биринчи навбатда биз буни 50 млн сўмга, ўтган мавсум 40 млн сўмга туширдик. Бундан ташқари, яна чегирмаларимиз бор. Мисол учун, агар футболчи бирор клубда кетма-кет иккинчи мавсум тўп сўраётган бўлса, бу пул 50 фоизга қисқаради. Ўзбекистонда шунақа легионерларимиз бор, 5 йилдан буён [бир клубда] тўп суриб келаяпти, унақа футболчилардан ҳеч қанақа пул олинмайди», — деди Диёр Имомхўжаев.

Ўзбекистонда ҳисобот йилида 19 нафар мураббий ва бошқа соҳа вакиллари ҳамда 76 нафар хорижий футболчи фаолият юритгани қўшимча қилинди.

2021 йилги мавсумда ПФЛ Coca-Cola, APEX Insurance, Epsilon, Madad Invest Bank ва бошқа компаниялар билан ҳамкорлик орқали ҳомийлардан 9 млрд 280 млн сўм ишлаб топган. Хусусан, мусобақаларнинг Eleven Sports орқали онлайн трансляция қилиниши натижасида ПФЛ 2021 йилнинг ўзида қарийб 36 минг евро ишлаб топган.

Фото: ПФЛ.

Шунингдек, ўйин давомида бузилган тартиб-интизом, клублар ўтасидаги келишмовчилик жанжаллари учун қўлланган жарималар туфайли футболчи, клуб ва расмийлар 494 млн 500 минг сўм пулни ташкилотга тўлаб берган.

Имомхўжаевнинг таъкидлашича, олдинги йилларда келиб тушган жарима маблағлари ПФЛ фаолиятига ишлатилган. Эндиликда, бу пулларни болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш учун тўлалигича Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўтказиб берилади.

«Қайсидир футболчи ёки мураббий жарима тўлаяптими, ҳеч қачон кўнгли безовта бўлмасин. Бу пулни ҳеч ким ишлатмайди. Бу пул эртага уларнинг ўрнини босиши мумкин бўлган фарзандларининг футболини ривожлантиришга берилади», — деди Диёр Имомхўжаев.

Шунингдек, ПФЛ бош директори Ўзбекистонда 2021 йилдан ташкилот ҳакамларга клублар маош тўлаши сиёсатидан тўлиқ воз кечганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ПФЛ уларни рўйхатдан ўтказиб, нақдсиз шаклда пул тўлаган.

«Аввалги йилларда SuperLiga, ProLiga каби катта мусобақаларга ПФЛ пул тўлаб берган. Қолган кичкина мусобақалар ва аёлларнинг жуда кўп мусобақаларида клублар ҳакамларга пул тўлаб келган. Бу жуда ҳунук ҳолат. Яъни ҳакам ўйинни бўшқаради, кейин командадан пул сўраб туриши керак. Бунинг ғалатилиги шундан иборатки, биз бадал пули олсак-у, биз фақат мана бу ҳакамларга пул берамиз, қолганларга ўзингиз тўланг деб туришимиз уятдан бошқа нарса эмас», — дея таъкидлади ПФЛ раҳбари.

Диёр Имомхўжаев. Фото: ЎзПФЛ.

Маълум қилнишича, эндиликда янги ташкилот — Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази очилиш арафасида турибди. Унда республикадаги барча катта футбол мусобақаларини ягона қоидалар асосида олиб борадиган ҳакамлар назорат қилади.

«Эндиликда ҳакамларимизнинг борди-келдиси ва меҳмонхоналарда яшашлари ҳам ўзимиз [ПФЛ] томонимидан қопланади. Биринчи навбатда, жамоалардан пул олмайдиган ташкилотга айланиб олишимиз, ундан кейин жамоаларга пул берадиган ташкилотга айланишимиз керак», — дея таъкидлади Диёр Имомхўжаев.

Тақдимот вақтида мусобақалардаги тўплар учун 1 млрд 481 млн сўм, тақдирлаш кубоклари учун эса кубоклар олиб келинишига кетган харажатлар билан бирга умумий 710 млн 783 минг сўм маблағ ажратилгани айтилди.

«Профессионал футболчига профессионал тўп керак. Бунақа тўплар эса бир миллиондан зиёд туради. Шунинг учун биз мусобақалар учун тўпларга 1 млрд 481 минг сўм пул ажратганмиз», — дея тушунтирди Диёр Имомхўжаев.

Шунингдек, мусобақалар ўтказиш, ҳомийлар талаби билан ишлаш учун 1 млрд 640 млн сўмдан ортиқ пул сарфланган.

Жами ишчи ходимлар учун 10 млрд 599 млн сўмдан ортиқ пул эвазига гонорар, маош, сафар харажатлари, таътил, компенсация, моддий ёрдам кўрсатилган.

Бунда ҳакамлар, инспекторлар ва комиссарларга тўланган гонорар миқдори 5 млрд 945 млн 278 минг сўмни ташкил этган.

Қолаверса, VAR тизими учун умумий ҳисобда 726 млн сўмдан кўпроқ пул кетган. Шунингдек, футзал бўйича меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари, ҳакамлар гонорари, зал ижараси ва зални жиҳозлаш ишлари учун ПФЛ 854 млн 977 минг сўм сарфлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўз ПФЛ Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил бўйича «Энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20» рўйхатига киритилганди.