24 февраль куни президентнинг «Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (ПҚ-73-сонли) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram`даги «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.

Унга кўра, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Ипакчилик ва тутчилик факультети очилди.

Шунингдек, 2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январгача пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчиларга улар томонидан бевосита пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия берилади.

1 апрелдан «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан 360 кун этиб белгиланди.

1 мартдан хом ипакни экспорт қилиш тартиби соддалаштирилади. Маълумот учун, президент қарорида кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2026 йил 1 январгача узайтирилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарори билан пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга улар томонидан етиштирилган пилла (ҳўл пилла) ҳосили учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган эди. 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январгача пилланинг ҳар килограмми учун 5 минг сўм субсидия берилииши низомда келтириб ўтилган.