Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Ошиқ Эркин — Эркин Мадраҳимов 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда уюшма ахборот хизмати хабар берди.

Уюшма марҳумнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жаноза 25 февраль куни 16:00 да Урганч шаҳри Ал Хоразмий кўчаси 251-уйда ўқилишини маълум қилди.

Маълумот учун, Ошиқ Эркин 1937 йил 7 майда Хивада туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факулътетини тугатган.

1956 йилдан оммавий ахборот воситалари тизимида ишлаб келади. 1959 йилдан «Ўрта Осиё университети» газетасида масъул котиб, 1961 йилда «Ўзбекистон овози», 1962 йилдан Ўзбекистон телерадиокомпанияси мухбири, 1971 йилдан Боғот туман газетаси муҳаррири, 1974 йилдан «Қишлоқ ҳақиқати», «Сельская правда» газеталарининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бўйича мухбири лавозимларида ишлаган.

1986−2010 йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими масъул котиби вазифасида хизмат қилган.

Шоирнинг 30 га яқин бадиий ва публицистик китоби нашр этилган. Жумладан, «Иқбол», «Оҳулар», «Йилга татиган бир тонг», «Ёлғоннинг умри қисқа», «Пўлат ва унинг бобоси», «Тиллақуш», «Меҳринг тушди юракка», «Азим дарё», «Ўлгунча сизни дерман», «Ишқинг тушди юракка», «Мужгонингга салламно» каби китоблари мавжуд.

Ошиқ Эркин талабалик даврида 1957 йилги пахта йиғим-терими мавсумида меҳнат намуналарини кўрсатгани учун собиқ Ўзбекистон Олий Совети президиумининг «Фахрий ёрлиғи» билан мукофотланган.

Унинг ижодий фаолияти мустақиллик йилларида юқори баҳоланиб, 1997 йилда «Шуҳрат» медали, 2003 йилда Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгашининг қарорига биноан Қорақалпоғистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, 2012 йилда эса Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.