Ўтган сутка давомида юк ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши муносабати билан Актобе вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари 93 кишини эвакуация қилди, деб хабар берди Қозоғистон ФВВ.

Эвакуация қилинганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор.

«24 февраль куни соат 22:50 да Айтекеби тумани Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 964-километрида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Бишкек-Москва йўналишидаги Yutong йўловчи автобуси Қорабутак қишлоғигача кузатиб борилган. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 41 нафар фуқароси иссиқлик пунктига (Марказий масжид) эвакуация қилинди», — дейилади хабарда.

Қутқарув ишларига 52 нафар қутқарувчи ва 14 дона техника жалб қилинган.

«25 февраль куни соат 04:05 да Актобе шаҳрида Setra русумли (Чимкент-Москва) йўловчи автобусида техник носозлик туфайли 54 киши қишлоқ масжидига эвакуация қилинди, уларнинг 52 нафари Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади», — деб хабар берди вазирлик.

Актобе вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқароларга об-ҳаво ўзгаришларини ҳисобга олиши, об-ҳаво ёмонлашган тақдирда ёки йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар жорий этилса, чиқмасликни қатъий тавсия қилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Актобе вилоятида автобусда қолиб кетган яна 31 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинганди. Транспорт воситасининг йўлда қолиб кетишига кучли совуқ туфайли дизель ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлган.

Бундан ташқари, Қозоғистонда совуқ туфайли йўлда қолиб кетган автобуслардан 69 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинган.