Берлин марказидаги Ораниенштрассе гастрономик кўчасида Taste of Samarkand («Самарқанд таъмлари» — таҳр.) ўзбек миллий таомлари ресторани очилганига бир ой бўлди. Менюда — шеф-ошпаз Актам Маҳмазиатов ва унинг рафиқаси Зуҳрадан самарқандча палов, манти ва қатлама сомса. Улар асли ўзбекистонлик Украина фуқаролари; Россиянинг 2022 йил февралидаги босқинидан сўнг Германияга қочишган.

«Бундай бўлади деб ҳеч ким кутмаганди», — дейди Актам Маҳмазиатов.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

У Самарқанд вилоятининг Жума шаҳридан, рафиқаси Зуҳра эса Нарпай туманидан. Актам Украинага 20 йил аввал, қариндошиникига меҳмонга бориб, қолиб кетган. Орадан маълум вақт ўтиб, эр-хотин яна бирга яшай бошлаган. Харьков яқинидаги Циркуни қишлоғида уй қуришган, ишлаш учун шаҳарга қатнашган — Барабашово бозорида овқат сотиладиган чодирлари бўлган. Маҳмазиатов сўнгги 10 йилдан бери коммунал хизматда прораб лавозимида ишлаб келаётганди. Оилада тўрт фарзанд бор. Катта ўғли босқин вақтида 17 ёшга тўлганди, энг кичиги — тўрт ёшда.

Улар яшайдиган қишлоқ Россия чегарасидан 25 км масофада жойлашганди. Актамнинг айтишича, ўқ овозлари 24 февраль куни эрта тонгда эшитила бошлаган, пешинда эса Россия танклари қишлоқ кўчаларида юрганди. Уруш бошланганидан кейинги уч кун давомида оила қўшнисининг ертўласида яшаган.

«Зах эди. Кичик ўғлим йўтал бўлиб қолди. Таваккал қилиб, ташқарига чиқдим, машинани ўт олдириб, оиламни унга ўтказиб, шаҳар томон чиқиб кетдим. Циркуни билан Харьков орасида иккита — бири россияликларга, иккинчиси украиналикларга тегишли пост пайдо бўлганди. Улар тинмай бир-бирига қарата ўт очарди. Россия постидан ўтаётганимда уларнинг «командири»дан ўтказиб юборишни ва ҳеч бўлмаса ярим соат отмай туришни илтимос қилдим. У ўтиб кетишга рухсат берди. Украина пости ҳам бизни қабул қилди. Мен қанчалик катта таваккалчиликка борганимни кейинроқ англаб етдим. Ўша ердан тирик чиққанимиз — ғирт омадимиз келганидан», — дея хотирлайди Актам Маҳмазиатов.

Актам Маҳмазиатов.Актам Маҳмазиатов.

Оила Харьковдан Львовга йўл олган, у ерда ажралишга тўғри келган. Зуҳра болалар билан бирга эвакуация поездида Польшага кетган, Актам эса Польша-Украина чегарасигача машинада беш кун йўл босишга мажбур бўлган. Улар Польшадаги қочоқлар лагерида қайта дийдорлашган.

«Биз лагерга етиб келган вақтимиз Ўзбекистон элчихонаси ўз фуқароларини уйга олиб кетаётганди. Улар буни бепул амалга оширишди — бунисига тан бериш керак. Ўзбекистонда на уйимиз, на бошқа нарсамиз бор, ҳеч вақоимиз йўқ. Рафиқам билан ўйлаб кўриб, Гамбургга кетишга қарор қилдик», — дейди у.

Поездда улар Томас исмли берлинлик билан танишиб қолишган, у ёрдам таклиф қилган. Актам тез орада унга мурожаат қилишга мажбур бўлган — унинг оиласи 10 кунча яшаган Гамбургдаги қочоқлар лагерида сувчечак аниқланган.

«Мен Томасга қўнғироқ қилиб, уй масаласида ёрдам сўрашга қарор қилдим. Эртаси куни у бизни Берлин вокзалида кутиб олиб, ижарага олинган уйга жойлаштирди, пулдан, ҳужжатлар бўйича ёрдам қилди — шундай яхши инсон. У билан танишиб қолиб, дўстлашиб кетганимиз ҳақиқий омаднинг ўзгинаси», — дея хотирлайди Маҳмазиатов.

Томас янги танишларига иш топишда кўмаклашишга ҳаракат қилган. Шу тариқа Актам 10 йилдан бери Германияда яшаб келаётган қирғизистонлик Эрназар Рисалиев билан танишган.

Эрназар Рисалиев и Актам Маҳмазиатов.Эрназар Рисалиев и Актам Маҳмазиатов.

«Актам билан танишгунимга қадар мен бир йилдан бери гастрономия соҳасида ишлаётгандим ва менда берлинликларни Марказий Осиё ошхонаси, айниқса, унинг байроқдори бўлган ўзбек таомлари билан таништириш ғояси бор эди. Шу сабабли ҳам Актам билан биринчи учрашувимдаёқ ундан: „Овқат пиширишни биласизми?“, деб сўрадим. У ҳайрон бўлиб: „Албатта, ахир мен ўзбекман-ку“, деди», — дея эслайди Эрназар Рисалиев.

Улар қўл ташлашиб, май ойида тенг ҳуқуқли шериклар сифатида ишни бошлаб юборган. Маҳаллий якшанба бозорида чодир ташкил этишган. Рисалиев бошқарувчи, Маҳмазиатов эса таомларга масъул сифатида ишга киришган.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

«У вақтда биз бозорни билмасдик. Бозорга кириб олиш осон бўлгани йўқ. Германияда савдо нуқталарига қўйиладиган санитария талаблари жуда қатъий: чодирда артиладиган пол, кичкина бўлса-да музлатгич, яна духовка, қозон, манти-қасқон ҳам бўлиши керак. Макон қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар нарсанинг ўз ўрни бўлиши лозим. Охир-оқибат меҳнат шароитлари ҳам спарталикларникидек: эрта тонгда ҳаммасини йиғасан, олиб келиб жойлаштирасан, овқатни тайёрлайсан, беш соат сотасан, сўнг ювиб, йиғиб, уйга олиб кетасан. Бир ой шундай қийналганимиздан сўнг, ё фудтрак қиламиз, ёки бу ишни йиғиштирамиз, деган қарорга келдим», — дейди Эрназар Рисалиев.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, ҳаракатланувчи фудтракда савдо билан шуғулланиш учун шаҳар маъмуриятидан рухсатнома олиш ҳамда бозор ва ярмарка ташкилотчилари билан шартномалар имзолашга икки ойча вақт кетган. Августда ён томонига дўппи тасвири ва Street Food from Uzbekistan ёзуви туширилган кўк фудтрак Берлин майдонларида кўзга ташлана бошлади: шанба кунлари Schillerplatz’да, якшанбаларда эса KulturBrauerei (умумий майдони 25 минг квадрат квадрат метр бўлган маданий марказ)да.

Актам ва Зуҳра таомларни Германиядаги маҳаллий масаллиқларга мослашган ҳолда, самарқандча рецептлар асосида тайёрлайди. Фудтрак, ҳозирда эса ресторан менюси хўрандаларга палов, манти ва (гўштли, қовоқли, кўкатли ва пишлоқли) турли хил сомсаларни таклиф қилади.

«Айнан ўша ош таъмини чиқариш учун жасмин, басмати каби 10−15 хил гуруч навини синаб кўрдик. Басмати дона-дона бўлиб туриши бўйича зўр, аммо зирвакнинг таъм сифатларини шимиб ололмайди. Охири танловимиз энг қиммат гуруч турларидан бирида тўхтади, уни Германияга импорт қилишга тўғри келяпти, аммо у Ўзбекистондан олиб келинаётгани йўқ. Ёғ масаласида ҳам худди шу аҳвол. Ўзимизга кераклисини топгунимизча, зиғир ёғидан тортиб зайтун мойигача, ишлатмаганимиз қолмади», — дейди Эрназар.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

Кўк фудтрак берлинликлар ва сайёҳларга маъқул келди. Ўзбекистонда бўлган чет элликлар ҳеч иккиланмай ошга буюртма беряпти. Рисалиевнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақасидан келган хўрандалар миллий таомлар қиролига нисбатан талабчанроқ: «ош мазали чиқибдию, лекин уйдагидек эмас», дейишади. Немисларнинг ўзи эса кўпроқ мантини маъқул кўради. Сомса эса мутлақ фаворит, чунки уни ўзинг билан олиш ва йўл-йўлакай еб кетиш осон.

«Германияда ўзбек миллий ошхонасини ривожлантиришнинг катта салоҳияти борлигини кўряпман, чунки бу ошхона жуда мазали. Агар кимдир шубҳаланса: „Сиз аввал тотиб кўринг. Ёқмаса, пулингизни қайтариб бераман“, дейман. Ҳали бирор марта пулни қайтаришга тўғри келгани йўқ», — деди Эрназар Рисалиев.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

Фудтракнинг муваффақияти жамоани ресторан очишга илҳомлантирди. Ишлар ўнгидан келиб, кузда Рисалиевнинг танишлари аввал ўзлари ишлатган иншоотдан фойдаланишни таклиф қилди.

«Қачонлардир Берлинда икикта ўзбек ресторани бор эди. Бирининг номи „Тошкент“ эди. Ошхонаси аралаш, нархлари эса юқори эди — бир порция ош 18−20 евро турарди. Мен у вақтлар талаба эдим, 3,5 еврога донар еб юрардим ва ўша ресторанда оддий таомларнинг бундай нархларни кўриб, „ундан кўра уйда ўзим пишираман“, дегандим. Шу боис бизнинг ресторанимизда нархлар хамёнбоп ва сиёсатимиз ҳам бошқача: бизнинг ресторан дизайн эмас, таъм ҳақида», — дейди Эрназар Рисалиев.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

Taste of Samarkand ресторани январь ойи ўрталаридан бери Ораниенштрассе кўчасида, машҳур SO36 концерт зали билан ёнма-ён фаолият олиб боряпти. Ресторан уч хил ҳудудга ажратилган бўлиб, бири катта, умумий ҳудуд, иккинчиси унча катта бўлмаган гуруҳлар алоҳида хонали ҳудуд ва учинчиси хон-атласлар билан безатилган, ёғоч каравотли миллий ҳудуд. Бу ерда ҳафтасига олти кун меҳмонларга хизмат кўрсатилади.

«Чет элликлар бу ерга нафақат овқатланиш, балки маслаҳат сўраб ҳам келади. Кўпчиликнинг Самарқандга боргиси келади, аммо бундай сафар учун нималар кераклиги, у ерда нималарни кўриш кераклигини билмайди. Биз улар сўраган нарсаларни айтиб берамиз, чунки бундай маълумот билан бўлишиш, ўз маданиятинг билан таништириш ёқимли», — дейди Рисалиев.

taste of samarkand, берлин, миллий таомлар, украинадаги уруш

Жамоа ишни кенгайтиришни, ошхонани таъм сифатлари бўйича анъанавий, «худди Ўзбекистондагидек» даражага олиб чиқишни режалаштирган. Режалар бир йиллик. Эртага нима бўлишини, нима кутишинг мумкинлигини ҳам билмайдиган ҳозиргидек кунлар учун анча дадил режа. Маҳмазиатов деярли ҳар куни Циркунида қолган қўшнилари билан қўнғироқлашиб туради. Улар яшаган кўчадаги саккиз уйдан тўрттаси вайрон бўлган. Актам ва Зуҳранинг уйи ҳам хароба, лекин қайта тиклаш мумкин.

«Украинага қайтиш умиди бор. Айни вақтда, Ўзбекистонга ҳам қайтгим келяпти — ёш ҳам анча ўтиб қолди. Ўзимнинг илдизимга, қадрдон жойларимни соғиняпман», — дея тан олади Актам.