23 февраль куни Тожикистонда бир нечта зилзила содир бўлди. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси зилзилалар Сарез кўлига зарар етказмагани ва сув тошқини хавфини келтириб чиқармаганини маълум қилди.

Зилзилалар оқибатида кўл сув тошқинига сабаб бўлиши, бу Марказий Осиёнинг 4 та давлати (Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон)га таъсир қилиши мумкинлиги бир неча йилдан бери тахмин қилиб келинади. Хусусан, 2015 йилда Сарез кўли ҳудудида 7,3 магнитудали зилзила содир бўлиб, тош қулаши қайд этилган, аммо Усой тўғонида ўзгаришлар кузатилмаган.

Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитасига кўра, зилзилалар эпицентри тоғли ҳудудларда ва Мурғоб вилояти маркази ҳамда Сарез кўли оралиғидаги одам яшамайдиган жойларда бўлган.

Сарез кўлининг мониторинг ва олдиндан огоҳлантириш тизими нормал ҳолатда ишламоқда. Кўлда ўзгаришлар қайд этилмади. Кўлга сув келиши ва унинг сарфи ўзгаришсиз қолди, бугунги кунда сув оқими секундига 39 куб метрни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, 1911 йилдаги кучли зилзила Усой блокировкаси деб номланган табиий тўғонни вужудга келтирган. Янги тоғ Мурғоб дарёси водийсини тўсиб, чуқурлик ҳосил қилган. Ҳудуд вақт ўтиши билан сувга тўлган. Сарез кўли чуқурлиги 500 метрни, умумий ҳажми 17 куб километрни ташкил этади.

Усой тўғонининг вайрон бўлишига олиб келиши мумкин бўлган зилзила ва кўчкилар катта ҳажмдаги сувнинг сизиб чиқишига сабаб бўлади. Ҳисоб-китобларга қараганда, водийларда тўлқин баландлиги 15 метрга етади (бу 3 қаватли уй баландлигига тенг). Бундай фавқулодда вазият Тожикистондан ташқари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга ҳам таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 23 февралда бўлган зилзилалар кучи Ўзбекистонда ҳам 2 марта сезилди.