Тожикистонда 23 февраль тонгидан бери тўхтамаётган зилзилалар кучи бир кунда иккинчи марта Ўзбекистонда сезилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабар берди.

Марказ маълумотига кўра, Тошкент вақти билан 16:24 да (Гринвич бўйича 11:24 да) Тожикистонда зилзила содир бўлди. Координаталар: 38,2 градус шимолий кенглик; 73 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=5. Чуқурлик 10 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 470 км жануби-шарқда.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи:

  • Фарғона вилоятида 2 балл, 264 км;
  • Андижон вилоятида 2 балл, 292 км.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни эрталаб соат 5:40 атрофида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида 3−4 балли зилзила сезилганди. Унинг эпицентри Тожикистонда. Тошкент аҳолисининг сўзларига кўра, зилзила сабаб силкинишлар узоқ давом этган.