Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили ва Европа Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррелнинг Россиянинг Украинага бостириб кирганига бир йил тўлишига бағишланган мақоласи эълон қилинди.

Унинг ёзишича, 2022 йил 24 феврал Россиянинг Украинага шафқатсиз, асоссиз ва ноқонуний бостириб киришини бошлаган кун сифатида абадий эсда қолади.

«Бу соф тажовуз ва БМТ Низомини очиқдан-очиқ бузиш ҳодисаси эди ва шундай бўлиб қолаверади. Бу уруш „шунчаки Европа муаммоси“ ёки „Ғарб ва қолганларга қарши“ бўлиш ҳақида эмас. Бу биз ҳаммамиз яшашни хоҳлайдиган дунё ҳақида: ядровий қуролга эга давлат ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси томонидан ноқонуний куч ишлатиши қандайдир тарзда „нормаллаштирилган“ дунёда ҳеч ким хавфсиз эмаслигини англатади. Шунинг учун ҳам барчани ҳокимият сиёсати, шантаж ва ҳарбий ҳужумдан ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳуқуқ ҳамма жойда татбиқ этилиши керак», — дея қайд этди Жозеп Боррель.

Европа дипломатияси раҳбари шундай дея давом эттиради: «бир йил ўтгач, одамлар кўрган кўпсонлик уруш жиноятлари ва ваҳшийлик тасвирларига одатланиб қолишлари; биз тез-тез такрорлаб ишлатадиган сўзларимиз ўз аҳамиятини йўқота бошлаши; вазифамиз мушкул бўлгани туфайли вақт ўтиб чарчай бошлашимиз ва қатъиятимиз заифлашиши хавфлари мавжуд».

«Бунга биз йўл қўя олмаймиз. Чунки Россия ҳар куни БМТ низомини бузиб, империалистик сиёсати билан бутун дунё учун хавфли претседент яратмоқда. Россия ҳар куни бегуноҳ украиналик аёллар, эркаклар ва болаларни ўлдиришда давом этмоқда, шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўз ракеталарини ёгъдирмоқда. Россия ҳар куни ёлгъон ва уйдирмаларни тарқатишда давом этмоқда», — деди у.

Унинг фикрича, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлари учун «уч қисмдан иборат стратегия» йўналишида қолишдан бошқа илож йўқ: яъни Украинани қўллаб-қувватлаш, Россияга унинг ноқонуний тажовузкорлигини тўхтатиш учун босим ўтказиш ва дунёнинг қолган қисмига оқибатларга дош беришга кўмаклашиш.

«Биз бир йилдан бери шундай қиляпмиз ва бу фаолиятимиз муваффақиятли давом этмоқда. Мисли кўрилмаган санкцияларни қабул қилдик; Россиянинг қазиб олинадиган ёқилғига бўлган қарамлигимизни тўхтатдик ва асосий шериклар билан яқин ҳамкорликда Кремл ўз агрессиясини молиялаш учун оладиган энергия даромадларини 50% га қисқартирдик. Биргаликда ишлаган ҳолда биз озиқ-овқат ва энергия нархларининг пасайиши билан глобал тўлқин таъсирини қисман бирдамлик йўлакларимиз ва Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли енгиллаштирдик», — дея қайд этди у.

Жозеп Боррель Украина ўзини ҳимоя қила олишини хоҳлаймиз, дейишнинг ўзи етарли эмаслиги, бунинг учун воситалар кераклигини қайд этди. Шундай қилиб, Европа Иттифоқи биринчи марта ҳужумга учраган давлатга қурол етказиб берди. Ҳақиқатан ҳам, Европа Иттифоқи ҳозирда украиналик харбийларни ўз давлатларини ҳимоя қилишлари учун ҳарбий тайёргарлик бўйича етакчи таъминотчи ҳисобланади.

«Шунингдек, биз Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун муҳим макромолиявий ва гуманитар ёрдамни таклиф қилмоқдамиз. Биз Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришга қарор қилдик. Ниҳоят, биз Россия содир этган ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликни таъминлаш устида ишлаяпмиз», — деди дипломат.

Европа дипломатияси раҳбари Украина қисман ушбу кўмак туфайли ўзининг ажойиб чидамлилигини кўрсатганини таъкидлади. Россия эса глобал санкциялар ва БМТ Бош Ассамблеясидаги давлатларнинг мутлақ кўпчилигининг халқаро қоралаши туфайли янада яккаланиб қолди. «Бизнинг умумий мақсадимиз — демократия ҳукмронлик қиладиган Украина, ва кейинчалик ҳам шундай бўлиб қолади; босқинчини қувиб чиқариш, унинг тўлиқ суверенитетини тиклаш ва шу билан бирга халқаро қонунийликни тиклашдир», — деб ёзди.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг тажовузкор ревизионизми ва унинг кенгроқ беқарорлаштирувчи ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилувчи глобал таҳдиддир.

«Биз ўтмиш меросини қўзгъатишга уринаётган Россия ташвиқот машинасининг таъсирини, ахборотни манипуляция қилиш ва чет эл аралашуви бўйича саноат миқёсидаги саъй-ҳаракатларни кўрдик. Шунинг учун Европа Иттифоқи ушбу таҳдидга қарши курашмоқда ва биз ҳамкорларимизнинг ёрдамига ишонамиз», — дея қайд этди Жозеп Боррелль.

Европа дипломатияси раҳбари Россия истилоси Европа ва Марказий Осиё учун ҳаддан ташқари қарамликдан қочиш зарурлигини таъкидлаганини қайд этди.

«Шунинг учун ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз керак. Биз барқарор ва очиқ жамиятларни илгари суришдан биргаликда манфаатдормиз; барқарор тикланиш ва яшил ўтишни таъминлаш; фуқароларимизни терроризм, гиёҳванд моддалар, қурол ва одамлар савдоси каби хавфсизликка таҳдидлардан ҳимоя қилишимиз керак. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи минтақани алоқа ва ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида сақлаб қолмоқчи», — деб ёзди у.

«Тарих ва адолат Украина томонида. Аммо тарихни тезлаштириш ва адолатга эришиш учун биз «учлик стратегиямиз»ни кучайтиришимиз керак. Бу жамоавий вазифа эканлигини биламиз. Шу боис Европа Иттифоқи барча ҳамкорларини тажовуз барбод бўлиши ва халқаро ҳуқуқ устувор бўлишини таъминлаш учун биргаликда масъулият ва ҳамжиҳатлик руҳида ҳаракат қилишга чақирмоқда», — дея чорлади у.