24 февраль куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 25−26 февраль кунлари республиканинг барча ҳудудларига Россиянинг Европа қисмидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади, дея маълум қилди Ўзгидромет хизмати директори Шерзод Ҳабибуллаев ўзининг Facebook саҳифасида.

24 февралда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида, 25 февралда республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор), тоғолди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида кучли бўлади.

24−25 февралда республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. 25−26 февралда ҳарорат кечалари 0…−5 даражагача, республика шимолида −5…−10 даражагача, кундуз кунлари 0…+5 даражагача қисқа муддатга пасайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта дам олиш кунларида айрим ҳудудларда ёмғир ёққанди.