20 февраль куни Сурхондарё вилояти Термиз давлат университетининг 4-курс талабаси амалиёт ўтаётган банкда мижознинг банк картасидан 75,7 млн сўм пул ечиб олгани айтилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги «Газета.uz»га маълумот берди.

Аниқланишича, 17 февраль куни Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро унинг банк картасидан 75,7 млн сўм ечиб олинганини айтиб, ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Ушбу жиноятни 1997 йилда туғилган 4-курс талабаси содир этган бўлиши мумкин. У банк филиалларидан бирида амалиёт ўтаётган вақтида режа тузиб, банк тизими орқали нотаниш шахс номидаги картани фаоллаштиргани гумон қилинмоқда. Кейинчалик пулларни турли банкоматлар орқали нақдлаштириб олгани айтилган.

Ҳозирда 26 ёшли фуқарога Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Агар унинг айби тасдиқланса, фуқаро БҲМнинг 300 бараваригача миқдорда жарима тўлаши ёки 3−5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.