«Муштум» журнали чиқа бошлаганига 100 йил тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални қайта эълон қилишга қарор этди. Туркумни «Муштум»нинг 1923 йил 18 февралда чиққан илк сонида Абдулла Қодирий томонидан Жулқунбой тахаллуси остида ёзилган ««Муштум» таърифида» таништирувчи мақоласи билан очишга қарор қилинди.

Тарихга бир айланиб қаралса, муштнинг аҳамияти зоғора нондек бўлиб кўз ўнгида гавдаланур. Аммо холи ҳозирамизга ҳам кўз қирини ташланса, мушт деган ҳайвони ғайри нотиқнинг сиёсатда подшоҳ, иқтисодда авлиё, фанда кимё ўрнини ишғол этканини кўрилур. Буларни ҳам бир ёққа қўя туриб, муштнинг аҳамияти муҳиммасини ўзимизнинг манави маҳалла-кўйдан1 қидирилса, тафтишотга тағин ҳам яқинроқ турилған бўлинур:

Маҳалла-кўйларимизда битта-битта бўйнийўғон — бўйни ғавслар борлиғини ҳар бир кимса билур ва уларнинг маҳалла ижтимоиётида ўйнайтурған рўллари ҳам катта-кичикка белгулукдир. Бизнинг текшириш ва кашфиётимизча асл хусусият бўйни йўғонлиқда бўлмай, унинг замиридаги муштдадир ва муштумзўрлиқдадир.

Лекин бу таъриф жаҳонгир ва буржуазия файласуфлари нуқтаи назаридан бўлиб, аммо пролетариатнинг муштка бўлған назарияси бунинг аксидир. Журналимиз шу кейинги қўли қадоқлар синфининг «Муштум»и бўлғанлиқдан унинг маъноси ҳам ҳалиги таърифнинг тамоман тескарисидир.

Бу «Муштум» — зўрлиқ муштуми эмас, ҳақлиқ муштумидир; бу «Муштум» — золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир. Шунинг учун бунинг маъноси ҳам бошқачадир.

— Ҳамманикига дўлона ёққанда, бизникига девона ёғди!
— Қовун деб экканимиз шунғия2 бўлуб чиқди!
— Олтун қўнғуз деб махтағанлари қора қўнғуз эканки, рўмолча билан бурунни ўрашга мажбур бўлдиқ…
— Боғдан гапирсак — тоғдан келадилар!
— Али, десак — бали, дейдилар…
— Шу йўсун: гулшан разолатда3, гулзор сафоҳатда4, бозор сиёсатда, майдон ҳамоқатда5, бойимиз, мулламиз, эшонимиз, ёшимиз ва моховимиз, песимиз сайру гулустон этмоқда ва жунуни маърифат6, фунуни шайтанат7 водийларида масти-лояъқил8 кезмакдалар…

Мана шундай «овони саодат»ларда тўрт томондан мўралаб, эл ичига оралаб, ҳақиқатни қоралаб, яхшидан ёмонни саралаб шахсий ғараздан соф, тўғри юрмаганга боп бир «Мушти пурзўр»га10 эҳтиёж сезилди ва узоқ ўйлаб турилмай, узоқ-яқин, дўст-душманларимизнинг кўмаклари умидида ушбу «Муштум» журналининг нашрига ҳам қарор берилди.

Тумшуғингиз устига янги меҳмон муборак бўлсин, афандилар!

Жулқунбой,
«Муштум», 1923 йил, феврал, 1-сон, 2-бет


Изоҳлар

1 Кўй — кўча.
2 Шунғия — бошқа экинлар илдизидан озиқланадиган текинхўр ёввойи ўт.
3 Разолат — пасткашлик.
4 Сафоҳат — нодонлик.
5 Ҳамоқат — аҳмоқлик.
6 Жунуни маърифат — жинниликни маърифат деб билиш.
7 Фунуни шайтанат — шайтоний ҳунарлар.
8 Масти лояъқил — ақлсиз даражада маст бўлиш.
9 Овони саодат — бахтли замонлар.
10 Мушти пурзўр — бақувват мушт.