Қаҳрамонмараш зилзиласидан деярли 11 кун ўтиб Туркиядаги Антокия шаҳрида икки эркак — 26 ёшли Меҳмет Али Шакирўғли ва 34 ёшли Мустафо Авжи вайроналар остидан қутқариб олинди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар қилди.

Қутқарувчилар гуруҳи Антокиянинг Одабоши кўчасида вайрон бўлган уйнинг плиталари орасига қисилиб қолган икки фуқарони аниқлаган. Тезкор ҳаракатлардан сўнг улар 26 ёшли Меҳмет Али Шакирўғли ва 34 ёшли Мустафо Авжини вайроналар остидан олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Улар Қаҳрамонмарашдаги зилзиладан 261 соат ўтиб қутқарилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган.

Аввалроқ, қутқарувчилар Туркия жануби-шарқидаги зилзиладан 248 соат ўтиб, вайроналар остидан бир қизни тириклайин чиқаришга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Табиий офатларни бошқариш бошқармаси (AFAD) Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 36 187 нафарга етганини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, жароҳатланганлар сони 108 068 нафарни ташкил қилади.