16 февраль куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Аброр Мухтор Алий номи билан танилган диний блогер Аброр Абдуазимовга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, Аброр Абдуазимов 2022 йил 8 декабрь куни Facebook`даги саҳифасида журналист Никита Макаренкони қадр-қимматини камситиш орқали обрўсизлантирган.

Судда Макаренко туҳмат, қадр-қимматни камситувчи маълумотлар тарқатган дея, А.Абдуазимовга нисбатан маъмурий ишни қайта суриштирувга юбориб, уни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб, кўрсатув берди.

Суд А.Абдуазимовни мазкур ҳуқуқбузарликни содир қилгани, ариза, билдирги, тушунтириш хатлари, баённома, далолатнома, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг хулосаси ва суд мажлиси жараёнида аниқланган ҳолатлар ҳамда иш материалларида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқланган деб ҳисоблади.

Ҳукмга кўра А.Абдуазимов ўзининг ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2 -моддаси 1-қисми (Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилди.

Суд Абдуазимовга жазо тайинлашда оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар, унинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмагани, оилада ягона боқувчи экани, қарамоғида турмуш ўртоғи ва 6 нафар фарзанди борлигини инобатга олиб, кодекснинг 33-моддасини қўллаб, энг кам маъмурий жарима жазосидан ҳам камроқ [кодексда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари — 15 млн сўм жарима кўрсатилган] маъмурий жарима жазосини тайинлашни лозим топди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 (йигирма) баравари миқдорида, яъни 6 000 000 (6 миллион) сўм маъмурий жарима жазоси тайинлади.

Журналист Никита Макаренко бўлиб ўтган суд ҳақида пост қолдирди. «Судья жарима белгилади. Аммо ҳақоратли сўзлар мавжудлиги сабабли ишни жиноят иши таркибига ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантирмади. Жавобгар томонидан ҳеч қандай ариза киритилмади», — деб ёзди у.

Аброр Мухтор Алий эса белгиланган жарима ҳақида ёзар экан, «Судья жаноблари маъмурий жавобгар қилиб, 6 миллион сўм жарима юклади! Жарима ҳам қўйнидан тўкилса қўнжига қабилида», — дея таъкидлади.