Ўзбекистонда 2023 йилда умумий қуввати 4300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини (ҚТЭМ) ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтириб ўтилган.

2100 МВт — йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1200 МВт — ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 МВт — тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станцияларини ишга тушириш шулар жумласидан.

ҚТЭМ қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали 2023 йилда қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш (тежаш) режалаштирилган.

Молиялаштириш манбалари

Ушбу мақсадларга жами 15,4 миллиард доллар йўналтириш, шу жумладан, 13,4 миллиард доллар — давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида инвесторлар маблағлари, 1,1 миллиард доллар — тижорат банклари кредитлари, 610 миллион доллар — корхоналарнинг ўз маблағлари, 150 миллион доллар — хорижий молиявий ташкилотлар маблағлари ва 100 миллион доллар эквивалентидаги давлат бюджети маблағлари.

Қарор билан 2023 йилда ДХШ (давлат-хусусий шериклик) асосида 27 та йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциясини қуриш ва уларни электр узатиш тармоқларига улаш лойиҳалари рўйхатлари тасдиқланди.

Стратегик ислоҳотлар агентлигига Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда 1 июлга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва электр энергияси тармоқларини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар учун халқаро молия ташкилотларидан қўшимча 2 миллиард доллар миқдорида маблағ жалб этиш бўйича шартномалар имзоланишини таъминлаш топширилди.

Йил давомида 20 мингта ижтимоий соҳа объекти ва давлат муассасаларини кичик қувватли ҚТЭМ қурилмалари билан таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 11 минг тадбиркорнинг бино ва иншоотларига қуёш батареяларини ўрнатиш, кичик фотоэлектр станцияларини қуриш режаси қўллаб-қувватланди.

«Яшил энергия» компаниясининг ташкил этилиши

Қарорда ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш бўйича «Яшил энергия» компаниясини ташкил этиш кўзда тутилган.

Жамиятга давлат органлари ва ташкилотлари бино ва иншоотларининг тегишли қисмларидан ўз маблағлари ҳисобидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилгандан кейин ижарага олиш ҳуқуқи асосида бепул фойдаланишга рухсат этилади. Шу билан бирга, ижара шартномалари солиқ органларида белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

Шунингдек, компания маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилардан қайта тикланадиган энергия қурилмалари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини сотиб олиш, энг яхши таклифларни танлаш натижалари бўйича ушбу қурилмаларни ўрнатиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин бўлади.