ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланишда гумонланган шахсларни қўлга олди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Р.С. фуқаро М.С.нинг таклифи билан Андижон вилоятидаги танишидан ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида яшаган.

Кейинроқ М.С. шаҳардаги таниши Ж.О. орқали мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион доллар эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 минг доллар сўрагани айтилмоқда. Бу шахслар ичида 1 кг симоб моддаси бўлган қўлбола усулдаги қурилмани фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олингани келтириб ўтилган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.