1 апрелдан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар айрим солиқларни тўлашдан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида сўз борган.

Хусусан, улар ушбу қурилмалар бўйича — мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича — ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Бунда улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — ўн йил муддатга озод этилади.

Тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, хорижий инвесторларга:

  • қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органларига ва ҳудудий электр тармоқларига белгиланган тарифлар бўйича, бошқа истеъмолчиларга — ўзаро келишилган нархларда, тузилган тўғридан-тўғри, шу жумладан, узоқ муддатли шартномалар асосида сотиш;
  • ижара ҳуқуқи асосида бошқа шахсларга тегишли объектларда қайта тикланувчи энергия манбалари иншоотларини қуриш ва ушбу қурилмалардан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишга рухсат берилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектлари томонидан ой давомида ягона электр энергетика тизимига узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг ҳисоби «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ биллинг тизимида юритилиб, ой якуни билан тармоққа узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовутга асосан ўзаро ҳисоб-китоб қилинади.

Шу билан бирга, «Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан электр энергиясини сақлаб бериш хизмати учун ҳақ олинмайди.

Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ушбу манбалар Энергетика вазирлигида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.

1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштириш мақсадида «яшил энергия» банк молия продукти жорий этилмоқда.