Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яшнобод тумани суди судьяси (эркак киши) 4000 доллар олгани гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» манбаси маълум қилди.

17 февраль куни Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати Бош прокуратура тақдимнома киритганини хабар қилди. Унга кўра, судья И.Б.ни Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми тегишли банди билан жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўрилган.

Кенгаш хулосаси билан И.Б.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди ва унинг судьялик ваколати тўхтатилди.

Агар судда айбов ўз исботини топса, гумонланувчи 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Жума куни кечга яқин Олий суд матбуот хизмати ҳам мазкур масала юзасидан Олий суд Пленумининг мажлиси ўтказилганини маълум қилди.

Бош прокурор тақдимномасига асосан Олий суд ҳам судьяни жиноий жавобгарликка тортиш ва унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга розилик берди.