Open Data Watch ташкилотининг The Open Data Inventory (ODIN) маълумотлар очиқлиги бўйича глобал рейтингида Ўзбекистон 66 балл билан дунёда 40-ўринни эгаллади. 2020 йилда мамлакат 63 балл билан 44-ўринда эди.

Очиқ маълумотлар инвентаризацияси (ODIN) рейтинги очиқ маълумотлар сиёсатини илгари суриш, улардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш ва миллий статистика идоралари ва маълумотлардан фойдаланувчилар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш учун расмий статистиканинг қамрови ва очиқлигини баҳолайди. Унда мамлакатнинг статистик таклифлари қанчалик тўлиқлигини ва улардаги маълумотлар халқаро очиқлик стандартига мос келиши ўлчанади.

opendatawatch
Рейтинг 2020 ва 2022 йиллар натижаларига асосланган.

2020−2022 йиллар оралиғида Ўзбекистон умумий балл маълумотлар қамрови (data coverage) бўйича 52 дан 56 га ва маълумотларнинг очиқлиги (data openness) бўйича 72 дан 74 баллга кўтарилган.

Натижаларга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий статистика бўйича ўз мавқеини яхшилаган, лекин атроф-муҳит ифлосланиши кўрсаткичи бўйича натижа ёмонлашган. Хусусан, агар «ифлосланиш» бўлимида 2020 йилда мамлакатда 56 балл бўлган бўлса, бугун у 0 балл этиб белгиланиб турибди. Шу билан бирга, Статистика агентлиги ўз сайтида атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддалар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

opendatawatch

«Газета.uz»нинг ифлосланиш бўйича баллар кескин пасайгани ҳақидаги сўровига жавобан Статистика агентлиги матбуот хизмати рейтингнинг айрим бўлимларини баҳолаш бўйича Open Data Watch билан боғланганини маълум қилди. Ташкилот ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш ва уларни яхшилаш бўйича тавсиялар бериш учун Ўзбекистонга экспертлар гуруҳини юборишини маълум қилди, дейилади агентлик хабарида.

Рейтингга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллаб турибди. Жаҳон рейтингида Қозоғистон 48, Қирғизистон 89, Тожикистон 120 ва Туркманистон 192-ўринларда бормоқда.

2022 йилги рейтинг натижаларига кўра Сингапур биринчи ўринни эгаллаган бўлса, улардан кейин Дания ва Финляндия учликка якун ясаган.