Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Ўзбекистон фуқаролари орасида сайёҳлик саёҳатлари учун энг машҳур йўналишлар бўлди, дея хабар бермоқда Статистика агентлиги.

Қайд этилишича, 2022 йилда 5,16 миллион ўзбекистонлик (2021 йилга нисбатан 2,35 баробар кўпроқ) мамлакатдан ташқарига саёҳат қилган. 2020 йилда COVID-19 пандемияси даврида мамлакатни тарк этганлар сони 2 миллиондан сал кўпроқни ташкил этганди.

Энг кўп саёҳатлар йилнинг учинчи чорагига тўғри келди, бу вақт орилиғида 1,8 миллиондан ортиқ фуқаро Ўзбекистонни тарк этган. Биринчи чоракда энг паст кўрсаткич қайд этилди — 716 минг киши.

Нисбий ўсишга қарамай, ўзбекистонлик сайёҳлар сони пандемиядан олдинги кўрсаткичдан анча пастлигича қолмоқда. 2019 йилда Ўзбекистонни тарк этганлар сони 8,5 миллион кишига етганди.

Хорижий сафарларнинг асосий мақсади қариндошларни йўқлагани бориш бўлган — 4,27 миллиондан ортиқ киши, бу хорижга кетган ўзбекистонликларнинг 82 фоизини ташкил этади. Дам олиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадида Ўзбекистондан 683,8 минг фуқаро чиқиб кетган. Кейинги ўринларда ўқиш (143,6 минг киши), даволаниш (44,7 минг) ва меҳнат (15,2 минг) мақсадларида саёҳатлар туради.

Ўзбекистонлик сайёҳларнинг асосий оқими — 86% дан ортиғи МДҲ мамлакатларига тўғри келди:

  • Қирғизистон — 2,44 миллион киши (2 баравардан ортиқ ўсиш);
  • Қозоғистон — 1,01 миллион (3,3 баробар кўп);
  • Тожикистон — 784,9 минг (4,3 баробар кўп);
  • Россия — 250,6 минг (1,54 баробар кўп).

Бошқа минтақалар ҳақида сўз борганда, унда Туркия биринчи ўринда (306 минг), кейин:

  • БАА — 128,3 минг (1,66 марта кўп);
  • Саудия Арабистони — 69,5 минг;
  • Миср — 36,8 минг (11% кўп);
  • Кувайт — 23,9 минг;
  • Жанубий Корея — 23,1 минг (3 баробар кўп);
  • АҚШ — 16,6 минг (2,44 марта кўп);
  • Озарбайжон — 11,9 минг;
  • Ҳиндистон — 10,6 минг (2,32 марта кўп);
  • Грузия — 8 минг (1,54 марта кўп).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан 2022 йилда 8,8 минг киши доимий яшаш мақсадида хорижга кўчиб кетган. Таҳлилларга кўра, бу кўрсаткич сўнгги 5 йилда сезиларли камайган. 2022 йилда мамлакатни тарк этганларнинг асосий қисми Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонга борган.