Статистика агентлиги томонидан тақдим қилинган Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги асосий демографик кўрсаткичларида қайд этилишича, 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида доимий яшаш мақсадида 8,8 минг киши хорижга кўчиб кетган.

Таҳлилларга кўра, бу кўрсаткич сўнгги 5 йилда сезиларли камайган. Мисол учун, 2018 йилда 17,6 минг, 2019 йилда 13,2 минг, 2020 йилда 13,6 минг, 2021 йилда 20,1 минг киши хорижга кетган.

2022 йилда кўчиб кетганларнинг 4,1 минг нафари эркаклар, 4,7 минги аёллардир.

«Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (79,5 фоиз), Россия (16,4 фоиз), Қирғизистон (0,7 фоиз), Тожикистон (0,5 фоиз), Туркманистон (0,3 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (2,6 фоиз) ҳиссасига тўғри келган», — дейилади агентлик ахборотида.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга 2,3 минг киши кўчиб келган бўлиб, бу охирги 5 йилга нисбатан сезиларли камайган. Мисол учун, 2018 йилда 2,9 минг, 2019 йилда 2,5 минг, 2020 йилда 1,1, 2021 йилда 1,9 минг киши Ўзбекистонга доимий яшаш учун келган.

«2022 йил январь-декабрь ойларида хориждан кўчиб келганлар сони 2,3 минг киши бўлса, шундан эркаклар 1,1 минг кишини, аёллар 1,2 мингтани ташкил этди», — дейилади агентлик ҳисоботида.

Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми Россия (жами хориждан кўчиб келганларнинг 35 фоизи), Қозоғистон (32,8 фоиз), Тожикистон (6,7 фоиз), Қирғизистон (4,8 фоиз), Туркманистон (1,6 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (19,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.