Кўрилаётган чоралар натижасида ҳафта охирларига бориб водий вилоятларидаги газ қувурларида табиий газ босимининг кўтарилиб бориши кутилмоқда, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Шу боис, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) газ босимининг кўтарилишига қараб, уларнинг фаолияти босқичма-босқич тикланиши режалаштирилмоқда.

Газ босими пасайган кунларда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси ва табиий газ билан бир маромда таъминлаш зарур ҳисобланганлиги сабабли АГТКШлар фаолиятига мажбурий чекловлар киритилганди.

«Қувурларда газ босимини бир меъёрга келтириш ва ушбу меъёрни сақлаб туриш учун АГТКШлари қисқа вақт оралиғида режа-график асосида фаолият юритиб боради», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилади» мазмунида хабарлар тарқалганди. Энергетика вазирлиги тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз эканини айтиб, АГТКШлари белгиланган тартибда фаолият юритишини маълум қилганди.

Тошкент шаҳридаги «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали эса 3 февралдан пойтахтдаги АГТКШлар фаолияти босқичма-босқич ишга тушаётганини хабар қилганди.