Ўзбекистондаги олий ва профессионал таълим муассасаларида тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 15 мартга қадар узайтирилди, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Давлат комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига тўлов-контрактни расмийлаштириш муддати узайтирилди.

Бу табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка, профессионал таълим муассасаларига (коллеж, техникум) ўқувчиликка тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабаларга ҳам тааллуқли.

Шунингдек, 2023 йил 20 январдан кейин контрактини тўлаганларнинг тўлови ҳам инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, давлат ОТМларида тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 2023 йил 20 январгача узайтирилганди. Ўқишини кўчираётган талабалар учун бир йиллик ўқитиш қийматининг 50 фоизини тўлаш ва талабалар сафига қабул қилишнинг сўнгги муддати ҳам 20 январь этиб белгиланганди.