Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Туркиянинг «Alarko holding Altek» компанияси бош директори Ҳакан Айтекинни қабул қилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Фарғонада қуёш фотоэлектр станцияси қуриш ва ушбу истиқболли лойиҳанинг молиявий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Мулоқотда Ҳакан Айтекин компания томонидан Туркияда 1000 МВтли лойиҳа устида иш олиб борилаётгани хусусида тўхталиб ўтди. Агар зарурий шароитлар яратилса, компания томонидан ушбу тажриба асосида Фарғонада ҳам мазкур лойиҳани амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.

Туркиялик ҳамкорлар томонидан билдирилган мазкур таклиф ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳамда вилоятнинг Бешариқ, Ўзбекистон ва Фарғона туманларидан лойиҳа учун мос жойлар билан таништириш учун масъуллар бириктирилди.

Учрашувда биринчи навбатда лойиҳа учун ҳудудларда жой аниқлаш, шундан сўнг яна учрашиб, бу борада биргаликда олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 98 млн доллар эвазига қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши ҳақида хабар берилганди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров лойиҳани 2024 йил 2-чорагида эмас, балки 2023 йил охиригача якунлаш кераклигини айтиб, бунинг учун ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини билдирган.