Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Turon Eco Cement томонидан амалга ошириш режалаштирилаётган қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасига оид тақдимот билан танишган.

Таъкидланишича, лойиҳани корхонанинг ўз маблағлари ҳамда банк кредити жалб этиш ҳисобига барпо этиш кўзда тутилмоқда. Қиймати 98 млн доллар бўлган лойиҳа амалга оширилса, йиллик 400 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

фотоэлектр станцияси, фарғона

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Вилоят ҳокими лойиҳани якунлаш муддатини тақдимотда қайд этилган 2024 йил 2-чораги эмас, 2023 якунига қадар белгилаш лозимлигини таъкидлаб, бунинг учун ҳар томонлама кўмак берилишини билдирди. Лойиҳани амалга ошириш учун банк кредити ажратиш масаласи ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга вазифалар белгиланди», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Аввалроқ, Сирдарё ИЭСда қуввати 1,3 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу эса қўшимча 2,3 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда йилига 750 минг куб метр табиий газни тежаш имконини бериши таъкидланганди.