Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ОТМ ректорлари ва проректорлари билан учрашувда университет биноларига қуёш батареяларини ўрнатишни жадаллаштириш, ходимлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди. Унда вазирнинг ишсиз битирувчилари кўп бўлган университетлар ёпилиши ҳақида айтган гаплари жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Кўриб чиқилган масалалар ичида иқтидорли талабалар рўйхатини шакллантириш ва улар билан ишлашнинг алоҳида механизмини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Вазир олий ва касб-ҳунар таълими муассасалари, айниқса, нодавлат олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирди. Бундай олий ўқув юртлари сифатсиз таълим берувчи муассасалар сифатида тан олиниши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Жамоатчилик реакцияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати, ҳозирда эса табиий ресурслар вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев янги вазирни «автократия йўлидан борди», деб ҳисобламоқда. Унинг фикрича, кўп сонли ишсиз битирувчилар учун университетларни ёпиш ғояси авторитар тузумга эга жамиятда янграйдиган таклиф ҳисобланади.

Тўғриси, мен бирорта ҳам норматив ҳуқуқий ҳужжатда ОТМлар битирувчиларни ишга жойлаштиришга мажбурлиги ҳақида қоидани кўрмаганман. ОТМ вазифаси сифатли таълим бериш ва агар тегишли таълим даражага эга бўлса, битирувчига диплом тутқазиш. Тамом вассалом! Қизиқ: ҳориждаги нуфузли ОТМлар масалан, Гарвард, Оксфорд, Кембриж кабиларга ҳам шундай талаблар қўйилганмикан? Улар қанақа вазирларнинг талабларидан келиб чиқиб шундай натижаларга эришишган? — деб ёзади Расул Кушербаев.

Таълим соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Бектош Хотамов олий ўқув юртининг таржимонлик факультетини тамомлаётганида ундан уч томонлама шартнома сўралганини эслади. У кейин балиқчилик корхонаси билан шартнома имзолашга мажбур бўлган.

Унинг сўзларига кўра, бундай «авторитар қоидалар» университетларнинг «масъулият учун» уч томонлама шартномалар сўрашига олиб келади.

«Бир-биримизни алдаймиз, вазир президентни алдайди, биз вазирни алдаймиз, талабалар бизни алдашади ва ҳаммамиз ўзимни бахтиёр ҳис қиламиз», — деди у. Тадбиркор таълим сифати талабаларнинг иш билан таъминланиши билан белгиланмагани, вазирнинг бу баёнотида эса қонуний асос йўқлигини таъкидлади.

2021 йилнинг июнь ойида Олий Мажлис Сенати қўмитасининг сўровидан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий ўқув юртлари битирувчилардан иш берувчи билан уч томонлама шартнома тузишни талаб қилишга ҳақли эмаслигини билдирганди.

«Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар бериш ва қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, шунингдек, лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунга келиб, инспекция тугатилиб, унинг ваколатлари бошқа таълим ташкилотларига ўтказилди. Бироқ қайси таълим ташкилотига унинг ваколатлари ўтказилишидан қатъи назар, нодавлат университет фаолиятини тугатиш суд тартибида амалга оширилади.

Вазирлик муносабати

Жамоатчилик муҳокамалари фонида Олий таълим вазирлиги Расул Кушербаевнинг танқидига Гарвард, Оксфорд ва Кембриж университетларидан мисоллар билан жавоб қайтарди.

Ҳа, айнан шу университетлар битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича энг илғор ва шунинг учун ҳам уларнинг нуфузи баланд ҳисобланади. Масалан, Сингапур таълим тизимига алоҳида эътибор қаратиб, юксак натижаларга эришаётган давлатлардан биридир. Сингапурда олий таълимга мудофаа тизими даражасида эътибор қаратилаётгани, яъни қатъий тартиб-интизом ва назорат ўрнатилгани эътиборга молик. Сингапур таълим сиёсати мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши билан ҳамнафас бўлиши керак деган тамойилга амал қилади. Яъни ҳар бир университет битирувчиси иш жойига эга бўлиши керак. QS [жаҳон университетлари] рейтингида дунёда 11-ўринни, Осиёда 1-ўринни эгаллаган Сингапур Миллий университети раҳбарлари ўз битирувчиларининг ҳеч бири ишсиз эмаслигини таъкидлади, — дейилади вазирлик хабарида.

Университет битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг иложи йўқлиги ушбу олий таълим муассасасининг обрўси, шаъни ва қадриятларига путур етказади, деб таъкидлади Олий таълим вазирлиги. Таълим дастурлари мавжуд бўш иш ўринларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Ҳар бир университет ўз навбатида иш ўринлари учун курашмоқда, бу эса таълим соҳасида рақобат муҳитини яратади, дея қўшимча қилди вазирлик.

«Шундан келиб чиқиб, мажлисда билдирилган фикр ОТМ раҳбариятининг талабаларни ишга жойлашга, ёшларнинг маълум бўш иш ўринларига тайёр кадр бўлиб етишишларига ёрдам беришга қаратилган. Бунда олий таълим муассасаси раҳбарларининг ОТМ битирувчиларини ўзгарувчан меҳнат бозорида иш билан таъминланишига янада масъулият билан қарашлари лозимлиги назарда тутилган», — дея қўшимча қилди Олий таълим вазирлиги.

«Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўз тасарруфидаги олий ўқув юртлари раҳбарларига таълим сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар бериш ва таълим сифати паст бўлган олий ўқув юртларини огоҳлантириш ваколатига эга», — дейилади хабарда.