Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Сирдарё ва Андижон вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотишга уриниш ҳолатларини аниқланди.

Қайд этилишича, хизматнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Жараёнда Боёвут туманидаги масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖга қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун нотурар жой сифатида берилган 1 гектар ернинг 50 сотихини турар жой қуриш учун кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 12 500 доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда Улуғнор туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган ва Балиқчи туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган икки фуқаро фермер хўжалик раҳбарига мазкур хўжалик ер майдонларида шерикчилик асосида тадбиркорлик билан шуғулланишларини айтгани, унинг ишончига кириб, фермер хўжалигига боғдорчилик учун ажратилган 4 гектар ернинг кадастр ҳужжатларини ҳамда фермер хўжаликнинг расмий муҳрини қўлга киритгани гумон қилинмоқда.

ДХХга кўра, тадбирда икки фуқаро ушбу 4 гектар ер майдонини 148 млн 200 минг сўм эвазига харидор номига расмийлаштириб беришга келишиб, ундан сўралган пулни олган вақтларида ушланди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.