Ўзбекистондан гуманитар ёрдам олиб кетган учинчи самолёт Туркияга етиб борди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати. Ил-76МД ҳарбий самолёти 9 февраль, чоршанба куни эрталаб Газиантепга қўнди.

Бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилди.

туркиядаги зилзила

Жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида Мудофаа вазирлиги тиббий отрядининг 50 нафар ходими хизмат қиладиган бир гектар майдонга тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ҳарбий-тиббий отряд таркибида тажрибали тиббиёт ходимларидан ташқари кинологлар (хизмат итлари билан) ва таъминотчилар ҳам бор бўлиб, улар ўз йўналиши бўйича барча керакли анжом ва ускуналар билан таъминланган.

Фото: Мудофаа вазирлиги

7 февраль куни Ўзбекистондан икки самолёт зилзиладан энг кўп жабр кўрган шаҳарлар — Адана ва Газиантепга гуманитар ёрдам ва 100 нафарлик қутқарувчилар гуруҳи етказилганди. Улар этник ўзбеклар яшайдиган Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.

8 февраль куни Туркияда қидирув-қутқарув операцияси бошланганидан буён Ўзбекистон қутқарувчилари вайроналар остидан 11 кишининг ҳаётини сақлаб қолгани, 33 кишининг жасадини аниқлангани маълум бўлди.