Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳрида катта ёнғин содир бўлаётгани айтилган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегарасидаги нейтрал ҳудудда жойлашган Амударё ичкарисидаги кичик оролчаларда қамишзорлар пайдо бўлган. Бу ерда турли касалликлар ташувчиси ҳисобланган зараркунанда ҳашаротлар кўпайиши ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун режали тартибда ёқиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур тадбир мутасадди идоралар рухсати ҳамда масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилиб, оролчалардаги ёнғин ҳаракатлари ва кўлами тўлиқ назоратга олинган.

Шунингдек, ҳокимлик ушбу тадбир ёввойи қамишзорларда белгиланган режага мувофиқ олиб борилаётганини маълум қилиб, фуқаролардан ортиқча ваҳимага берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқарувчи ёлғон ахборотларни тарқатмасликни сўраган.

Бироқ ҳокимлик бу борада олдиндан ҳеч қандай ахборот бермаган ва аҳолини «режали тартибда ёқиш ишларидан» хабардор қилмаган.