Туркиядаги кучли зилзила қурбонлари сони 1541 нафарга етди, яна 9733 нафари тан жароҳати олди. Бу ҳақда Туркия президенти ёрдамчиси Фуат Оксай маълум қилди.

Қаҳраманмараш, Килис, Диярбакир, Адана, Османия, Газиантеп, Шанлиурфа, Адияман, Малатя ва Ҳатай вилоятларида 3471 та бино вайрон бўлган.

Туркия ҳукумати аҳолини ер силкинишидан қўрқиб, уйларига қайтмасликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилиб, зилзила қурбонлари кўплиги муносабати билан ҳамдардлик билдирган эди. Эртага, 7 февраль куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 60 нафар қутқарувчидан иборат гуруҳи Туркияга учади, жабрланган мамлакатга гуманитар ёрдам ҳам жўнатилади.