Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 7 февраль куни қурилиш стандартлари буйича ўтказилган матбуот анжуманида журналист ва вазир ўринбосари суҳбати акс этган видео юзасидан маълумот берди.

Гап шундаки, журналист қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Адиловга мамлакатда қурилаётган уйлар қанчалик зилзилага бардошли экани, неча баллгача чидашига кафолат борлиги ҳақида савол берган.

Бу ерда инсон омили бор. Мен 36 миллион одамнинг қилаётган иши учун сизга гарантия бера олмайман. Мен кафолатни давлат томонидан ўрнатилган назорат, жорий қилинган тартиб-қоида ва стандартлар бўйича бера оламан. Қурилиш ишларига жавобгар орган биринчи бўлиб уни қурган буюртмачи ҳисобланади. Ўзбекча айтганда, объектнинг эгаси. Объектни қураётган «бой ота» 100 фоиз масъул, — дея жавоб қайтарган масъул.

Шундан сўнг Даврон Адиловнинг жавоби ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Вазирликнинг билдиришича, тақдим этилган видеолавҳада гап қурилишда жавобгар, аввало, буюртмачи экани хусусида бормоқда. Чунки буюртмачи техник назорат бўйича мутахассисни бириктиради ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсни шартнома асосида жалб қилади.

Шаҳарсозлик кодексининг 5-боб 26-моддасида қурилишни назорат қилишда функционал мажбуриятлар белгилаб қўйилган. Бунда шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан қурилишга тайёргарлик кўриш ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж, ишга тушириш, созлаш ишларини бажариш қатъий назорат қилинади. Шунингдек, объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш даврида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига риоя этилиши текширилади.

Объектларни қуриш чоғида қурилиш устидан давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати бўлиши талаб этилади. Белгиланган қонунчиликка кўра, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, фуқаро ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи конструктив қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда, қурилиш-монтаж ишлари тўхтатиб қўйилади ҳамда демонтаж ишларини амалга оширилиши талаб қилинади.

Агар сифатсиз қурилиш материаллари, конструкциялар ҳамда буюмлар қўлланилган бўлса, уларни ишлаб чиқаришни, реализация қилиш ҳамда қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тақдимномалар юборилади.

Бу жараёнларда қурилишда назорат инспекцияси томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, илмий-техник ва илмий-тадқиқот ташкилотлари экспертлари иштирокида давлат назорати тартибида текширувлар ўтказилади.

Жумладан, объектдаги ички назорат ишлари пудратчи томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида қурилиш ишларида сифатга кафолат бериш ҳамда улар лозим даражада бажарилмаган тақдирда пудратчининг жавобгарлиги ҳам белгилаб қўйилган.

Таъкидланишича, лойиҳа ташкилотлари томонидан қурилишлар ҳудуднинг белгиланган сейсмик балига кўра (7, 8, 9) режалаштирилган ҳолда лойиҳалаштирилади. Экспертиза органлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда объектнинг лойиҳа смета ҳужжатлари, йиғма экспертиза хулосаси (бунда ёнғин хавфсизлиги ва сейсмик бардошлилиги инобатга олиниши зарур) олинади.