«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқдаги корхоналарнинг комплаенс хизмати 2022 йил давомида тизимга жами 28,3 млрд сўмлик зарар етказилганини аниқлади. Ташкилот ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбеков АОКАда ўтказилган брифингда бунга коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-торож қилиниши ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларига қўшиб ёзишлар сабаб бўлганини маълум қилди.

Йил давомида хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори бўлган 6250 нафар ходим манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдирган. Таҳлиллар натижасида 57 нафар масъул ходимда манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди, 37 та ҳолатда эса эҳтимолий (потенциал) манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида ўтказилган 65 та хизмат текширувида 28 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди, 25 нафар ходим ишдан олинди, 100 нафар масъулга турли интизомий жазолар қўлланди.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2021 йил давомида тизимдаги ижара омборларида жами 85,5 млрд сўмлик турли товар-моддий бойликлар ва минерал ўғитлар камомади аниқланган бўлса, 2022 йил мобайнида ваколатли ижара омборларида камомадлар аниқланмаган.

Ҳозирда тизимдаги корхоналарда ўндан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиниб, ходимларга таништириб чиқилмоқда. Қолаверса, етказилган зарарни қоплаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.