2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 7 февралдаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида белгиланди.

Мазкур ўқув ва махсус курслар жорий этиладиган касб-ҳунар ҳамда олий таълим ташкилотларининг аниқ рўйхати 1 июнга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан белгиланади. Бундан ташқари, 2023 йил 1 июндан бошлаб марказ томонидан ҳар йили «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказиб борилади.

1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари) жорий қилинади.

Февраль ойида марказ томонидан «Инсон ҳуқуқлари» ҳафталиги ўтказилади. Уни ўтказиш дастури бир ҳафта муддатда тасдиқланиши керак. Ҳафталик доирасида маҳаллалардаги ёшлар иштирокида «Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият» мавзусида турли даражадаги маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтади.