Президентнинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда йил давомида мамлакат миқёсида қуйидаги ислоҳотларни амалга оширилиши режа қилинган.

Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, янада қулайликлар яратиш ва харажатларини тежаш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида «Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш» чора-тадбирлари белгиланади.

Вазирлар 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан мобил иловалар орқали кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилади.

Адлия вазирлиги (А.Ташкулов) ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (О.Хасанов) бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган сервис хизмати сифатини ошириш борасидаги фаолиятини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматларини давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Бунинг натижасида электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Ҳозирда эса, мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси давлат хизматлари маркази, 370 таси (50 фоиз) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади.

Натижада, мазкур шаклдаги давлат хизматлари билан 4 млнга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олиниши таъминланади.

Фармонга асосан электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда (хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан фуқаро мурожаатини кутмасдан) кўрсатишни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.

Натижада, йилига ўртача 300 мингта ариза бўйича электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизматлари проактив тарзда кўрсатилиши таъминланади.

Бюджет маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини махсус электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади. Масалан, 2022 йилда нодавлат боғчалар учун электрон тизим орқали субсидия ажратишга ўтиш орқали ҳар ойда 20 млрд сўм иқтисод қилинган.

Жамоатчилик муҳокамалари 17 февралга қадар давом этади.