Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва туманлардаги оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уйларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш), яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишларининг йиғма параметрлари тасдиқланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 52-сон қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи Нукус шаҳри ва шимолий туманларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК бўлди.

Жанубий туманлардаги уй-жойларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгидан қуриш ишлари бўйича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК буюртмачи этиб белгиланди.

Жанубий туманлардаги 2 000 км тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари бўйича Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари ҳокимликларининг Ободонлаштириш бошқармалари буюртмачи этиб белгиланди

Қарорда белгиланган чора-тадбирларни қисқа муддатларда якунлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУКга пудратчи ва лойиҳа ташкилотларини, шунингдек, товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларни махсус ахборот порталида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштирмасдан, харид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаш орқали аниқлаш ваколати берилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 3 февраль куни кучга кирган.