Ўзбекистон ва Қирғизистон ишчи гуруҳлари давлат чегарасини демаркация қилиш (белгилаш) бўйича музокараларни бошлади, деб хабар қилди сешанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бахромжон Алоев.

7 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик истиқболларига бағишланган давра суҳбати очилди. Тадбир Марказий Осиё халқаро институти томонидан ташкил этилди.

Баҳромжон Алоевнинг сўзларига кўра, жорий йилда чегарани белгилаш бўйича ишчи гуруҳларнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган, иккинчи йиғилиш яқин кунларда ўтказилиши режалаштирилган. Вазир ўринбосари 2023 йилга мўлжалланган учрашувлар жадвали тузилганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларни делимитация қилиш жараёнини якунлаб, ратификация ёрлиқларини алмашган эди. Чегара келишуви тафсилотлари ҳақида аввалроқ ёзган эдик.

Чегарани делимитация қилиш — қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегарасини музокаралар йўли билан аниқлаш, демаркация эса жойлардаги чегара чизиғини махсус белгилар (тўсиқлар) билан белгилашдир.