7 февраль куни эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда 6 февраль куни содир бўлган зилзила марказларидан бири — Қаҳраманмараш вилоятидан олиб чиқилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Спортчилар Каҳраманмараш шаҳрида 3−6 февраль кунлари ўтиши белгиланган халқаро мусобақада иштирок этаётганди. Бироқ мазкур ҳудуд зилзила марказига айланди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмаги билан терма жамоа Анқара шаҳрига олиб келинди.
6 февраль куни Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиев уларни мамлакатга олиб келиш учун Истанбулга жўнаб кетган. У делегацияга қўшилиб, спортчи ва мураббийларнинг Тошкентга қайтиб келиш жараёнига бошчилик қилади.
«Ҳозирда барча спортчиларнинг саломатлиги яхши. Режага мувофиқ, улар даставвал Туркия пойтахтидан Истанбул шаҳрига йўл олишади ва у ердан Тошкентга қайтиб келишади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, қўмита велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Аланияда, байдарка ва каноэда эшкак эшувчилар эса Белек шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётганини, зилзила ушбу ҳудудларга катта таъсир ўтказмагани ва машғулотлар режа асосида давом этаётганини маълум қилди.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 6 февраль куни мамлакат жануби-шарқида содир бўлган даҳшатли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2316 нафарга етди, 13 293 нафари жароҳат олди. Мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған қурбонлар хотирасига етти кунлик умумхалқ мотамини эълон қилди.