Туркияда 6 февраль куни мамлакат жануби-шарқида содир бўлган даҳшатли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига етти кунлик умумхалқ мотами эълон қилинди, деб хабар бермоқда Anadolu агентлиги. Бу қарор мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған томонидан қабул қилинди.

Туркия бўйлаб ва мамлакатнинг хориждаги ваколатхоналаридаги давлат байроқлари 12 февраль якшанба кунига қадар ярмига туширилади.

Мамлакатда табиий офат қурбонлари сони 2316 кишига етди, 13 293 киши эса жароҳат олди.

Туркия табиий офат ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш агентлиги (AFAD) маълумотларига кўра, Қаҳрамонмараш, Килис, Диёрбакир, Адана, Османия, Газиантеп, Шонлиурфа, Адияман, Малатя ва Ҳатай вилоятларида 5 606 бино вайрон бўлган.

Туркия ҳукумати қайта ер силкиниши бўлиши мумкинлиги сабабли, аҳолини уйларига қайтмасликка чақирди.