2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилди.

Лойиҳанинг 8-банди таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилишга қаратилган. Юқорида айтиб ўтилган ўзгариш натижасида жорий йилда бепул овқат бериш тизими билан 2,5 млн нафар ўқувчини қамраб олиш ва ушбу мақсадларга 2,7 трлн сўмга яқин маблағ ажратиш таъминланиши кутилмоқда.

2022 йилда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ушбу тизим билан 273 минг нафар ўқувчи қамраб олинганди.

Бундан ташқари, лойиҳада 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилиши кўрсатилган.

Натижада 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва «креатив индустрия» йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.

Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув дастурлари амалиётга киритилиши режалаштирилмоқда. Бунда

  • 1−4-синфларда ўқувчиларни хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;
  • 5−9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;
  • 10−11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиётини жорий қилиш санаб ўтилган.

10−11-синфларда 14 та мажбурий фанлардан ҳафталик юкламаси 31 соатни ташкил этади. Такомиллаштирилган ўқув режа асосида 8 та мажбурий фан ва 2 та танлов фан (кимё-биология, математика физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) танлаш имконияти яратилади, — дея қайд этилган лойиҳада.

Ҳозирда Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга 17 февралгача таклиф киритиш мумкин.

Маълумот учун, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифаси жойига чиққан ҳолда ўрганганди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ХТВ мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш 11 ноябрдан бошланишини маълум қилганди. Жараёнлар ҳукуматнинг тегишли низоми бузилиши ортидан ғолиб деб топилган лотлар бекор қилиниши оқибатида кечиккани айтилган.

Шунингдек, Қуйи палата сессиясида 2022 йилдаги давлат бюджети ҳисобидан ХТВга қўшимча 922 млрд сўм ажратилиши маълум қилинганди. Шундан 106 млрд сўм Қорақалпоғистон ва Хоразмда 1−4-синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш учун, 400 млрд сўм эса дарслик ижарасини бюджетдан қоплаш учун йўналтирилиши таъкидланган.