4−5 февраль кунлари Франция пойтахти Парижда ўтган дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнирини жами 7 нафар бўлиб қатнашган ўзбекистонликлар 2 та бронза медали билан якунлади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Турнирнинг финал блокидан ўрин олган баҳсларда -60 кг вазн тоифасида Камолиддин Бахтиёров бронза медали учун кураш олиб бориб, мўғулистонлик Ариунболд Энхтайванни мағлуб этди. Бахтиёров енган мўғулистонлик спортчи Тошкентда ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиққанди. Бу унинг халқаро турнирдаги биринчи медали бўлди.

+100 кг вазн тоифасида эса икки ўзбекистонлик: Шоҳруҳ Бахтиёров ва Алишер Юсупов бронза медали учун ўзаро баҳс олиб боришига тўғри келди. Унда Алишер Юсуповнинг қўли баланд келди ва жамоага 2-бронза медалини тақдим этди.