Қорақалпоғистонда кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш мақсадида «Меҳр ҳаракати» акцияси бошланган эди. Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон бошқармаси эса маҳаллий фаоллар билан ҳамкорликда 23 январдан «Меҳр ҳаракати акциясига ҳиссамиз» лойиҳасини бошлади.

Лойиҳа доирасида бошқарманинг Нукусдаги биноси олдига махсус контейнер ўрнатилган бўлиб, унга ҳозирда фойдаланилмаётган кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмлар ва болалар ўйинчоқларини олиб келиб, топшириш мумкин. Унга нафақат нукусликлар, балки шаҳарга яқин ҳисобланган Тахиатош ва Хўжайли тумани аҳолиси ҳам ўз буюмларини топширмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон бошқармаси вакили Парахат Казахбаевнинг маълум қилишича, ушбу акция доирасида 23−30 январь кунлари тўпланган буюмлар Бўзатов, Кегейли, Қораўзак туманларидаги 200 дан ортиқ оилаларга тарқатилган. Шунингдек, айрим эҳтиёжманд фуқаролар зарур буюмларни ўзи келиб олиб кетмоқда.

қорақалпоғистон

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон бошқармаси.

Фуқаролар ушбу «саховат контейнери» фақат қишнинг совуқ кунларида эмас, балки ҳамма вақт ишлаб туриши мақсадга мувофиқлигини таъкидламоқда. Акцияда Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудлари аҳолиси ҳам қатнашяпти — агентликнинг туманлардаги бўлимларига буюмларини топшириш истагини билдирган аҳолидан уларни қабул қилиб олиш ҳақида топшириқ берилган.

Аввалроқ, январнинг аномал совуқ кунларида Қорақалпоғистонда йўловчиларни бепул ташиш акцияси бўлгани, унда нафақат давлат ташкилотлари, балки фуқаролар ҳам кўнгилли равишда фаол иштирок қатнашгани ҳақида хабар берилган эди.