10−12 февраль кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида қиличбозлик бўйича аёллар ўртасида Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. Пойтахт ҳокимлигининг маълум қилишича, жаҳон кубоги босқичи Гимнастика саройида бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақаларга кириш барчага очиқ.

Унда нафақат лицензия учун, балки Париж-2024 Олимпиадаси медаллари учун ҳам давогарлик қилувчи жаҳон рейтингининг етакчилари иштирок этишини маълум қилди.

Ўзбекистон Қиличбозлик федерацияси ушбу нуфузли танловда иштирок этиш учун 20 га яқин давлатдан аризалар келиб тушганини таъкидлади. Хусусан, Хитой, Испания, Япония, Венгрия, Жанубий Корея, Полъша, АҚШ, Италия, Озарбайжон, Болгария, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг энг кучли вакиллари якка ва жамоавий баҳсларда куч синашади.